Дастлабки маълумотларга кўра, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига республика доимий аҳолисининг сони 31 576,4 минг кишини ташкил қилди ва йил бошидан 553,9 минг кишига ёки 1,8 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 2015 йилнинг январь—декабрь ойларидаги асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларга бағишланган маърузасида айтилади. Шундан, 15 964 минг киши шаҳар жойларида (аҳоли умумий сонининг 50,6 фоизи) ва 15 612,4 минг киши қишлоқ жойларида (49,4 фоизи) истиқомат қилади.
2015 йилнинг январь—декабрида туғилганлар сони 735,8 мингтани ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (718,0 минг киши) нисбатан 17,8 мингтага кўпайди. Туғилиш коэффициенти мос равишда 23,5 промиллени ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (23,3 промилле) нисбатан 0,3 промиллега кўпайди.
Ҳисобот даврида ўлганлар сони 152,9 мингтани ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (149,8 минг киши) нисбатан 3,1 мингтага кўпайди. Мос равишда ўлим коэффициенти 4,9 промиллени ташкил қилди (2014 йил январь—декабрда — 4,9 промилле).
Ўлганлар умумий сонидан 58,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,6 фоизи ўсма касалликларидан, 5,9 фоизи овқат ҳазм қилиш органлари касалликларидан, 5,4 фоизи нафас олиш органлари касалликларидан, 6,6 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатлардан вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2015 йилнинг январь—декабрида бир ёшга тўлмаган 8,3 мингта болалар ўлими кузатилди. Болалар ўлими коэффициенти 11,4 промиллени ташкил қилди (2014 йилнинг январь—декабрида — 10,8 промилле).
Бир ёшгача ўлган болаларнинг умумий сонидан 59,0 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 23,2 фоизи – нафас олиш органлари касалликларидан, 9,1 фоизи – туғма аномалиялардан ва 3,4 фоизи инфекция ва паразитлар билан касалланганлиги сабабли вафот этган.
2015 йилнинг январь—декабрида ФҲДЁ органларида 287,6 мингта никоҳ ва 29,6 мингта ажралиш рўйхатга олинди. Минг аҳолига нисбатан 9,2 та никоҳ (2014 йилнинг тегишли даврида – 9,6 та) ва 0,9 та ажралишлар (2014 йилнинг тегишли даврида – 0,9 та) тўғри келади.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2015 йилнинг январь—декабрь ойларида республика бўйича кўчиб келганлар сони 139,6 минг кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса 168,6 минг кишини ташкил қилди. Миграция қолдиғи минус 29,0 минг кишига (2014 йилнинг шу даврида минус 38,5 минг киши) тенг бўлди.
Изоҳ (0)