2016 йилнинг 8 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги «Остона-Арена» ўйингоҳида мамлакат Суперкубоги учун баҳсни ўзбекистонлик ФИФА рефериси, халқаро тоифадаги ҳакам Равшан Эрматов бошқариб борди. ОАВда Эрматовнинг хизматлари учун 10 минг евро тўлаганлиги ҳақида хабар тарқалган эди. Бу масалага Қозоғистон футбол федерацияси Бош котиби Азамат Айтхожин «Vesti.kz»га берган интервьюсида аниқлик киритди.
«Қозоғистон Суперкубоги учун бўлиб ўтадиган баҳсларга бир неча йиллардан буён чет эллик ҳакамларни таклиф қиламиз. Эрматов – юқори даражадаги рефери. Унинг иштирокида ёш ҳакамларга маҳорат дарслари ўтказилди. Биз ёш ҳакамларлар учун катта тажрибага эга ва юқори даражада ишлаган реферилардан янги сабоқлар ўрганиш учун имкон яратяпмиз. Равшан Эрматов исмининг ўзи бир ёқламалик ва ён босиш деган сўзларни йўққа чиқаради. Бу эса, майдонда тўп сураётган футболчилар босимини туширади ва улар фақатгина сифатли футболга эътибор қаратади. Қозоғистон ва Ўзбекистон футбол федерацияларининг ўзаро ҳамкорлиги эвазига Қозоғистон Суперкубоги каби муҳим учрашувга ҳурматга сазовор бўлган Равшан Эрматовни таклиф қилиш имкони яралди. Биз ҳакамлар бригадасига фақатгина йўл ҳақи ва Остона шаҳрида турар жойини тўлаб бердик. Менимча, Эрматовнинг таклиф қилиниши футбол байрами мақоми остида ўтган Қозоғистон Суперкубогига янада кўпроқ обрў қўшди», – дейди Азамат Айтхожин.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон Суперкубоги учун баҳсда мамлакат чемпиони «Остона» жамоаси Қозоғистон Кубоги соҳиби «Қайрат»га қарши баҳс олиб борди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча вақтларида ҳисоб очилмади. Ғолибни аниқлаш учун ўтказилган пенальтилар сериясида эса «Қайрат» 5:4 ҳисобида зафар қучиб, Қозоғистон Суперкубоги–2016 соҳиби бўлди.
Изоҳ (0)