Гаитининг марказий қисмида Франциянинг йирик нефть-газ компанияси Total’га қарашли автоцистернанинг ёниб кетиши ва кейинроқ портлаб кетиши оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди. Бундан ташқари, 30 га яқин киши кучли куйиш жароҳатларини олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар беради.
Маълум қилинишича, ҳодиса 17 март, пайшанба куни мамлакат пойтахтидан 110 километр шимоли-шарқда жойлашган Энш шаҳрида юз берган. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, автоцистерна деворга урилган, натижада бензин тўкилиб кетган. Ҳодиса юз берган ҳудуд яқинида грилда таом тайёрлаётган савдогарлар бўлган. Олов тезда тўкилган бензинга етиб бориб, автоцистернанинг портлаб кетишига олиб келган.
Натижада воқеа жойида етти киши ҳалок бўлган. Жабрланганлар шифохонага етказилган. Маҳаллий ҳукуматнинг маълум қилишича, ёнғин яқин-атрофдаги тўртта уйга ҳам етиб борган. Портлаш яқинида бўлган 22 та автомобилга ҳам зарар етган.
Ҳодиса жойига етиб келган БМТнинг тинчликпарвар кучлари оловни ўчиришга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)