Жанубий Африка Республикаси Олий апелляция суди ҳукуматнинг Претория Юқори судининг Судан президенти Умар ал-Баширни ҳибсга олиш бўйича қарорига билдирган эътирозини рад қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Умар ал-Башир ўтган йилнинг июнь ойида Йоханнесбургда ўтказилган Африка иттифоқи саммитига ташриф буюрган чоғида Халқаро жиноий суд ЖАР ҳукуматидан уни ҳибсга олиб, халқаро инстанцияга топширишни талаб қилган эди. Претория Юқори суди судьяси Ханс Фабрициус Судан етакчиси бу масала бўйича якуний қарор қабул қилингунига қадар ЖАР ҳудудини тарк этмаслигини тайинлади. Аммо ал-Башир саммитнинг биринчи иш кунидан сўнг Суданга қайтиб кетди.
ЖАРнинг ҳукмрон «Африка миллий конгресси» партияси Халқаро жиноий судни нохолисликда айблади. Ҳукумат вакилларининг фикрича, Африка саммити меҳмони сифатида мамлакатга ташриф буюрган ал-Башир дахлсизлик ҳуқуқига эга эди. Аммо Претория суди ЖАР Халқаро жиноий суднинг Рим статути иштирокчиси сифатида уни ҳибсга олишга мажбур, деган қарорга келди.
Ал-Башир билан боғлиқ бу жанжал Халқаро жиноий суднинг қитъа давлатларига нисбатан адолатсизликда айбланишига сабаб бўлди. ЖАР, Кения ва Намибия Рим статутидан чиқиш ниятини расман билдирди.
Изоҳ (0)