Эртага, 15 март куни Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси 3-тури доирасида Тошкентда Эроннинг «Тракторсози» клубига қарши баҳс олиб боради. Мазкур беллашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «Тракторсози» бош мураббийи Амир Галенои ва дарвозабон Муҳаммадризо Акбаришод иштирок этди, деб хабар беради «Пахтакор» клуби матбуот хизмати.
Амир Галенои: «‘Пахтакор’ жуда кучли жамоа. Рақиб Олий Лигада мавсумни 2 та ғалаба билан бошлади. Учрашув шиддатли кечиши аниқ. Эртага тезкорлик эвазига ғалаба қозонишни истаймиз. Ҳар бир ўйинда гол уриш учун имконият бўлади. ‘Ал-Жазира’га қарши сафардаги ўйинда босим яратиб, гол уришга эришдик. ‘Пахтакор’га қарши икки ўйинда очко олсак, гуруҳдан чиқиш вазифасига яқин келамиз».
Муҳаммадризо Акбаришод: «Осиё Чемпионлар Лигасини 2 та ғалаба билан бошладик. Эртанги ўйиндаги ғалаба бизга кейинги босқичга чиқишда катта ёрдам бериши мумкин. Рақибни жуда яхши ўрганиб чиқдик. Жамоанинг ҳужум чизиғидаги футболчилар жуда кучли эканини биламиз. Эртага ҳимоячилар билан бирга уларга гол уриш имкониятини бермаймиз деб умид қиламан».
Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» – «Тракторсози» ўртасидаги учрашув 15 март, сешанба куни, Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида 17:00 да бошланади.
Маълумот ўрнида, Осиё Чемпионлар Лигаси 2-туридан сўнг «Тракторсози» 6 очко билан «C» гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» жамоаси 1 очко тўплаган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)