Допинг можароси туфайли мушкул вазиятга тушиб қолган россиялик теннисчи Мария Шарапова ўз мухлисларига мурожаат этиб, спортчилар учун мельдоний препаратининг тақиқланиши юзасидан беш марта огоҳлантириш олгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. «РБК»нинг маълум қилишича, бу ҳақда Шарапова Facebook’даги саҳифаси орқали айтиб ўтган.
«Тақиқ ҳақида билмаганимни айтиб, ўзимни оқламоқчи эмасман. 2015 йил 22 декабрда электрон почта орқали мактуб олганим ҳақида гапирган эдим. Унинг мавзуси ‘2016 йил учун теннисда допингга қарши кураш дастурига киритиладиган асосий ўзгартиришлар’ эди. Мен унга кўпроқ эътибор қаратишим лозим эди. Лекин бошқа ‘хабарлар’чи? Улар информацион тарқатмалар, веб-сайтлар ёки реклама хатлари остида кўмилиб кетган», — деб тушунтирди теннисчи.
Илгарироқ The Times нашри Шарапова мельдоний моддасининг тақиқланиши борасида камида беш марта огоҳлантирилгани ҳақида ёзган эди. Нашрнинг қайд қилишича, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) мельдонийни тақиқланган препаратлар рўйхатига киритилиши ҳақида спортчиларга 2015 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб хабарнома бера бошлаган. Шунингдек, Мария Шарапова бу ҳақда хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) ҳамда Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан хабардор этилган.
Изоҳ (0)