2011 йилда Жоау Перейра де Соуза исмли 71 ёшли бразилиялик эркак Рио-де-Жанейро яқинидан нефтга ботиб қолган, очликдан азият чекаётган пингвинни топиб олди. У пингвинни деярли бир йил давомида парвариш қилиб, жонини асраб қолди. Шундан буён жонивор нуқул ўз қутқарувчисининг олдига қайтиб келади, деб ёзади «National Geographic Россия».
Айтилишича, де Соуза Диндим лақабини олган пингвинни нефтдан тозалаган ва бир ҳафта мобайнида балиқ билан боққан. Жониворнинг соғлиғи тиклангач, эркак уни қўйиб юбормоқчи бўлган, лекин у кетишни истамаган. Қушнинг патлари 11 ой давомида тўла алмашгач, у табиат қўйнига қайтган.
Аммо бир неча ойдан сўнг қадрдонлар яна учрашган. Ўз қутқарувчисини соҳилда кўриб қолган пингвин де Соузанинг ортидан эргашган ва бир муддат унинг уйида меҳмон бўлган. Шундан буён Диндим ҳар йилнинг июнида Жоаунинг ҳузурига келади ва февралда қайтиб кетади. Олимларнинг фикрича, қуш ўз қондошлари яшайдиган ҳудуд — Аргентинадаги Патагония ўлкаси қирғоқларига сузиб кетади. Бу минтақа Рио-де-Жанейродан 5–8 минг километр узоқликда жойлашган.
Бразилиялик эркак интервьюларидан бирида Диндимни оила аъзоси сифатида кўришини таъкидлаб ўтди. Қуш ҳам, афтидан, эркакни айнан шундай қабул қилади ва уни силашига, қўлдан овқатлантиришига рухсат беради. Де Соуза билан учрашганда Диндим думини ликиллатиб, шодон овозлар чиқаради. Жоаунинг ишонишича, пингвин йилдан йилга меҳрибонроқ бўлиб бормоқда.
Изоҳ (0)