Россиялик машҳур бокс рефериси Юрий Копцев ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва австралиялик Лукас Браун ўртасида бўлиб ўтган жанг ҳақида фикр билдирар экан, ушбу жангда Браун ҳақли равишда ғалаба қозонганини таъкидлади, деб хабар беради «Bigmir.net».
«Жанг тўхтатилиши борасида саволлар жуда кўп. Агар жангни жонли равишда ёки такроран кузатган бўлсангиз, Чагаев 8—9 зарбани ўтказиб юборганини пайқайсиз. Агар жанг тўхтатилмаганида биз иккинчи Абдусаламов гувоҳига айланар эдик. Бундай ҳолларда ёки жангни тўхтатиш ёки ногиронлар аравачасига мурожаат қилиш керак бўлиб қолади. Менинг шахсий фикрим – рефери жангни тўхтатиб тўғри қарор қабул қилган. Бўлажак чемпионларга маслаҳатим: тактика ва ҳимоя устида кўпроқ ишлаш керак», — деб ижтимоий тармоқларда ёзади Юрий Копцев.
Эслатиб ўтамиз, 6 мартга ўтар кечаси супероғир вазн тоифасида Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA)нинг мунтазам чемпиони ҳисобланган Руслан Чагаев Лукас Браунга қарши кечган 12 раундлик жангнинг 10-раундида техник нокаутга учраб, чемпионлик камарини бой берди.
Изоҳ: 2013 йилнинг 2 ноябрида Майк Перес билан жангдан сўнг россиялик боксчи Магомед Абдусаламов 3 ҳафтага кома ҳолатига тушиб қолган. Ҳозирги кунга келиб унинг танасининг ўнг томони фалаж бўлиб қолган.
Изоҳ (0)