Россиялик теннисчи Мария Шарапова 2016 йилнинг 1 январидан тақиқланган препаратлар рўйхатига киритилган мельдоний ҳақида 2015 йилнинг декабрь ойида камида бешта хабарнома олган. Бу ҳақда The Times’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
7 март, душанба куни Лос-Анжелесдаги махсус матбуот анжумани чоғида Мария Шарапова 2016 йилги Австралия очиқ чемпионатидан ундан олинган намуналарда ман этилган дори — мельдоний топилганини тан олди.
Нашрнинг қайд қилишича, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) мельдонийни тақиқланган препаратлар рўйхатига киритилиши ҳақида спортчиларга 2015 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб хабарнома бера бошлаган. Шунингдек, Мария Шарапова бу ҳақда хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) ҳамда Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан хабардор этилган.
Халқаро теннис федерацияси (ITF) Шарапованинг 2016 йил, 26 январда топширган допинг-тести ижобий чиққанини маълум қилганди. 2 март куни эса унга тақиқланган препарат қабул қилинганликда айблов қўйилган. Унинг иши борасида қарор эълон қилингунига қадар россиялик теннисчи барча WTA турнирларидан дисквалификация қилинди. Ушбу дисквалификация 2016 йилнинг 12 мартидан кучга киради.
Мария Шарапованинг иши бўйича дастлабки эшитувлар жорий йилнинг 23 март куни бўлиб ўтади.
Мавзуга оид:
Изоҳ (0)