Нефть савдосидан тушган даромадни ўзлаштиришда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган эронлик миллиардер Бабак Занжоний ҳукм устидан апелляция беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда унинг адвокати Расул Купайезоданинг баёнотига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда
Занжоний халқаро тақиқлаш чораларига зид равишда ўтказилган олди-берди операцияларида National Iranian Oil Co давлат корпорациясига тегишли 2,7 миллиард долларни ўзлаштиришда айбдор деб топилган. Занжонийдан ташқари, яна икки киши айбдор деб тан олинди. Улар айни пайтда ўзлаштирилган маблағнинг камида чорак қисмини тўлаб бериши белгиланган.
Айтилишича, Занжоний Маҳмуд Аҳмадинажод президентлиги йилларида Дубайдаги холдинги орқали Эрон расмийларига ноқонуний равишда нефть сотишга кўмаклашган, шу туфайли АҚШ ва ЕИнинг санкциялари рўйхатига киритилган. Бу «хизмат»лари эвазига тижоратчи эронлик амалдорлардан 1,5 миллиард евро пора олган.
Бойлиги 13,5 миллиард долларни ташкил қиладиган Занжоний Ҳасан Руҳоний президентликка келганидан сўнг, 2013 йил декабрида ҳибсга олинган эди. Ўшанда 12 депутат унинг молиявий фаолиятини тафтиш қилиш талаби ифодаланган мурожаатни ҳукуматга йўллаган эди.
Изоҳ (0)