Донбассдан Севастополь шаҳрига кўчиб ўтган Алина Зикова исмли мактаб ўқувчиси Россия президенти Владимир Путиндан чихуахуа зотли кучукчани совға сифатида қабул қилиб олди. Бу ҳақда, Севастополь маъмурияти матбуот хизматига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
11 ёшли қизчага совғани 4 март куни минтақа губернатори ўринбосари вазифасини бажарувчи Евгений Дубовик топширди. Унинг айтишича, Севастополь маъмуриятига президент номидан қизчага кучукча тортиқ қилиш борасидаги кўрсатма келган ва ўз вақтида ижро этилган.
Зикованинг ҳикоя қилишича, у кўпдан буён кучук боқишни истаган, лекин ота-онаси бунга рухсат бермаган. Шу боис қиз интернетда президентнинг манзилини топиб, унга ўз орзуси акс этган мактубни юборган.
Қизалоқнинг онаси оила Севастополга икки йил муқаддам кўчиб ўтганини ва ҳозирча Россия фуқаролигига эга эмаслигини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)