Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 мартдаги қарорига асосан Одилхон Рустамов «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Одилхон Рустамов 1993 йилдан солиқ тизимида фаолият юритиб келган. 2001—2005 йилларда Тошкент шаҳар Чилонзор, Учтепа туманлари давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 2005—2009 йилларда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хоразм ва Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармалари бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.
2009 йил март ойидан бери Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Одилхон Рустамов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 27 августдаги фармонига мувофиқ «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 18 февралдаги қарори билан Озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси тугатилиб, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси ташкил қилингани ҳақида хабар берилганди.