Янги кашфиётлари билан цивилизация ривожига ҳисса қўшган етук ақл соҳиблари тарихда кўп ўтган. Лекин айримларнинг ҳаёти айнан ўз ишланмалари туфайли тугаган. National Geographic ўз кашфиётчиларининг ўлимига сабаб бўлган мана шундай 10 кашфиётни ёдга олди.
Генри Смолински ва AVE Mizar
Генри Смолински учар автомобиль яратишни орзу қилиб келарди. У шериги Гал Блейк билан Ford Pinto автомобилига Cessna Skymaster аэропланининг қанотларини мустаҳкамлаб, AVE Mizar учар автомобилини яратди. Аммо 1973 йилда синов парвози чоғида қанотлар ажралиб кетди, бунинг оқибатида кашфиётчилар ҳалок бўлди.
Аурел Влайку ва «Влайку II» самолёти
Аурел Влайку (1882—1913) — Руминия авиациясини бошлаб берган кашфиётчи ва синовчи учувчи. Ўзи ишлаб чиққан «Влайку II» самолёти учун у 1912 йили Венада ўтган авиацион мусобақада катта миқдордаги пул мукофоти ютиб олди, лекин бир йилдан сўнг ўша самолётда Карпат тоғларидан ўтишга ҳаракат қилаётганида ҳалок бўлди.
Томас Эндрюс ва «Титаник»
«Титаник» ҳалокати учун жавобгарликнинг бир қисми унинг яратувчилари бўйнидадир. Томас Эндрюс кеманинг етакчи конструктори ҳамда «Харланд энд Волф» компаниясининг ижрочи директори эди. Айсберг билан тўқнашганидан сўнг у биринчилардан бўлиб кема чўкиб кетишини аниқ айтди, сўнг йўловчиларни қутқариш чоғида ҳалок бўлди.
Жеймс Дуглас, граф Мортон IV ва «Шотланд бибиси»
Жеймс Дуглас XVI аср Шотландиясининг йирик давлат арбоби ва қирол Яков VI нинг ноиби эди. У гилётинанинг ўтмишдоши, бошни танадан жудо қилишга мўлжалланган «Шотланд бибиси» машинаси яратганми ёки фақат оммалаштирганми, буниси аниқ эмас, бироқ 1580 йилда Дугласнинг ўзи ўша ускунада қатл қилинди.
Валериан Абаковский ва аэромотовагон
Валериан Абаковский (1895—1921) авиацион парракка эга моторли дрезина яратувчисидир. 1921 йилда аэромотовагон Москва—Тула темир йўл участкасида муваффақият билан синовдан ўтказилди, аммо қайтишда у релслардан чиқиб кетиб, ҳалокатга учради ва ўз кашфиётчисининг ҳаётига зомин бўлди.
Макс Вале ва ракета двигателлари
Австриялик муҳандис ва учувчи Макс Вале (1895—1930) ўша пайтда ҳали янги соҳа ҳисобланган ракета техникасига жаҳон ҳамжамиятининг диққатини қаратишга уринарди. Бунинг учун у ракета двигателларини нафақат самолётлар, балки автомобилларга ҳам мустаҳкамлашни одат қилган эди. Бир куни бундай ракеталардан бири портлаб кетди, унинг парчалари эса Валени ўлдирди.
Фредерик Дюзенберг ва Marvel автомобили
Америкалик конструктор Фредерик Дюзенберг (1876—1932) укаси Август билан дастлаб оддий машиналар устида ишлади, сўнг спорт машиналарига қизиқа бошлади. Уларнинг болидлари сифати билан донг таратган эди. 1932 йилда Фредерик ўзи ишлаб чиқарган машинада аварияга учраб, шифохонада оламдан ўтди.
Ли Си ва «беш жазо»
Милоддан аввалги III асрда яшаган Ли Си император Син саройидаги нуфузли амалдорлардан бири эди. У норозиликларга барҳам бериш учун «беш жазо» қатл усулини ўйлаб топган. Унга кўра, дастлаб қурбоннинг қўл-оёғи чопилади, сўнг унинг танаси иккига бўлиб ташланади. Охир-оқибат Ли Сининг ўзи ҳам шу усулда қатл қилинган.
Френсис Эдгар Стенли ва Stanly Steamer автомобили
Френсис Эдгар Стенли (1849—1918), парда юрадиган поездлардан илҳомланиб, 1897 йилда парда юрадиган Stanly Steamer автомобилини ишлаб чиқди. Машина ўша пайт учун фавқулодда ютуқ саналган соатига 43 километр тезликда юрарди. 1918 йилда кашфиётчининг ўзи мана шу машинада ҳалокатга учраб, қазо қилди.
Майкл Дакр ва Jetpod
Майкл Дакр йирик шаҳарлардаги машина оқимини камайтиришга қодир ихчам ва қулай транспорт воситаси — «учар такси» яратиш устида кўп ишлади. Аммо 2009 йилда ўтказилган биринчи синовдаёқ жиддий муаммолар келиб чиқди, оқибатда машина 200 метр баландликдан қулади, унинг ичида бўлган Дакр ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)