Олланд: Туркия ва Россия ўртасида «уруш хавфи» бор
Анқаранинг Сурия низоларидаги иштироки Туркия ва Россия ўртасида «уруш хавфи»ни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Франция президенти Франсуа Олланд айтиб ўтди, деб ёзади «Ведомости».
«Туркия Суриядаги воқеаларга аралашиб қолган… У ерда уруш хавфи бор», — деди Олланд. У бу бевосита эмас, «эҳтимол, билвосита уруш» бўлишини истисно қилмади.
«Турклар ўзлари бўлиши керак бўлмаган жойда бўлмаслиги керак, руслар эса террорчиликка қарши кураш баҳонаси остида Башар Асад режимини қўллаб-қувватламаслиги керак», — деди Олланд. Унинг фикрича, Россия бир томонлама тартибда Асадни қўллаб-қувватлашда давом этса, вазиятни бошқара олмай қолади.
У Путинга сиёсий ўтиш жараёнига эришиш учун бирга ҳаракат қилиш заруратини айтиш мақсадида Москвага шахсан ўзи борганини таъкидлади. Худди шу мақсадда у Москвага босим ўтказишга чақирди.
«Музокаралар қайта бошланиши, бомбардимонлар тўхташи керак, ёрдам келиши керак», — дея Суриядаги вазиятни тартибга солиш жараёнини таърифлади Олланд. Сурия мухолифати билан музокаралар 25 февралгача тўхтатиб қўйилган эди.