Жанубий Африка Республикаси парламентида кўпчилик ўринларга эга бўлган Африка миллий конгрессининг бош котиби Гведе Манташе АҚШнинг мамлакатдаги элчихонаси амалдаги ҳукуматни ноқонуний йўл билан алмаштиришга тайёргарлик кўраётганини айтди. Бу ҳақда, «ТАСС» агентлигига асосланиб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
«Биз АҚШ элчихонасида мунтазам ўтказилаётган яширин учрашувлардан хабардормиз. Уларнинг мақсади битта – режимни алмаштириш учун одамларни кўчаларга чиқариш», – деди сиёсатчи партия тарафдорлари иштирокида ўтказилган йирик митингдаги чиқишида.
Манташенинг фикрича, АҚШда ўқиб келган талабалар ЖАРдаги олий таълим муассасаларида норозилик ҳаракатини келтириб чиқаришга жалб қилиб келинмоқда.
«Улар қайтиб келади ва университетларга жойлашиб олади», – таъкидлади Манташе. У ЖАРда ҳам Ливия ва Мисрдаги каби ҳаракатлар тайёрланаётганини эътироф этди.
АҚШнинг ЖАРдаги элчиси Патрик Гаспард Манташенинг айбловларини рад этди.
«Ўша махфий учрашувларга мени ҳам таклиф қилишларини истаган бўлардим, – киноя билан фикр билдирди дипломат. – Ўз муаммоларингда бошқаларни айбдор қилиш керак эмас».
Изоҳ (0)