Россиянинг Архангельск вилоятида жойлашган колонияда қамоқ муддатини ўтаётган маҳбус полицияга қўнғироқ қилиб, бир қанча объектлар, шу жумладан, президент маъмурияти биносига бомба қўйилгани ҳақида ёлғон хабар берди. «РБК» нашрида таъкидланишича, телефон террорчисининг бу хабари полицияни ва маъмурият расмийларини жиддий хавотирга қўйган.
Кеча, 18 февраль куни, полицияга яширин қўнғироқ амалга оширилган. Номаълум шахс президент маъмурияти, «Сбербанк», шаҳар универмаги ва бир нечта «Ашан» гипермаркетларига бомба ўрнатилганидан огоҳлантирган. Бу хабардан сўнг тармоқнинг 12 дўконида тадбирлар ўтказилиб, жами 11 минг киши эвакуация қилинган. Шунингдек, бошқа биноларда ҳам эвакуация ишлари олиб борилган. «Сбербанк»нинг марказий офисида ҳамда президент маъмуриятида ўтказилган бомба қидирувлари натижа бермаган.
Аниқланишича, телефон қўнғироғини калугалик 33 ёшли эркак қамоқдан туриб амалга оширган. У 2002 йилда босқинчиликда ва қотилликда айбланиб ҳибсга олинган бўлиб, 16 йиллик жазо муддатини ўтамоқда.
Айни пайтда унга нисбатан жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)