Таиланднинг Кампхенгпхет провинциясида икки қаватли йўловчи автобусининг рўпарадан келган юк автомашинаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 20 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда Thai PBS телеканали берган маълумотларга асосан «РИА Новости» хабар қилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида иккала ҳайдовчи ва уч нафар автобус йўловчиси, шу жумладан, икки нафар Мьянма фуқароси ҳалок бўлди. Мьянма чегараси яқинида жойлашган Ме Сот шаҳрига йўл олган автобусда жами 45 нафар одам бўлган.
Маълум қилинишича, автобус олдидаги автомобилни қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўлга чиққанда, рўпарадан келаётган ва 20 тонна шакар ортилган юк машинаси билан тўқнашган. Тўқнашувдан кейин автобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.
Барча зарар кўрганлар шифохонага юборилганлиги таъкидланмоқда.
Изоҳ (0)