Республикачилар партиясидан номзод бўлган Нью-Жерси штати губернатори Крис Кристи ва Hewlett-Packard компаниясининг собиқ бошлиғи Карли Фиорина АҚШ президентлиги лавозими учун курашни давом эттиришдан воз кечди. Бу ҳақда Reuters берган маълумотларга асосан «РБК» хабар қилмоқда.
Нью-Гэмпшир штатидаги праймериз (сиёсий партиялардан қўйилган номзодлардан бир кишини сайлаш босқичи)да олтинчи ўринни эгаллаган 53 ёшли Кристи бу қарорга келганлигидан афсусда эмаслигини маълум қилди. Ўз навбатида Фиорина еттинчи ўринни эгаллади.
Нью-Гэмпширда бўлиб ўтган ушбу праймеризда республикачилар орасидан медиамагнат Дональд Трамп биринчи ўринни эгаллаган бўлса, демократлар орасидан собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтонни ортда қолдирган сенатор Берни Сандерс ғолиб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Республикачилар партиясидан Арканзас штатининг собиқ губернатори Майк Хакаби ҳам ўз сайловолди кампаниясини тўхтатганлигини эълон қилганди.
Изоҳ (0)