Расм чизиш қизиқишларидан бири бўлган Буюк Британия тахти вориси, шаҳзода Чарльз қиролликдаги энг кўп ҳақ тўланадиган ва асарлари муваффақият билан сотиладиган мусаввирлар қаторига кирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Шаҳзоданинг Лондондаги қароргоҳи — Кларенс-хаус девонхонаси маълумотларига кўра, 1997 йилдан бери Чарльз чизган картиналар литографияси сотуви 2 миллион фунт стерлинг (2,86 миллион доллар) даромад келтирган. Гап Глостершир графлигидаги Хайгроув қароргоҳи ҳудудида жойлашган дўкон орқали сотиладиган акварель нусхалари сотуви ҳақида кетмоқда.
Sunday Telegraph маълумотларига кўра, ушбу суммадан ташқари, шаҳзода ўз картиналарини сотиш орқали 4 миллион фунт стерлинг (5,72 миллион доллар) ишлаб олган. Нашр ҳисоб-китобларига қараганда, тасвирий санъат соҳасидаги бизнес Чарльзга ҳар йили ўртача 200 минг фунт стерлинг (286 минг доллар) келтиради.
Маълумот учун, инглиз рассомининг ўртача йиллик даромади 10 минг фунтни (14,3 минг доллар) ташкил этади.
Изоҳ (0)