Япония қуролли кучлари Шимолий Корея томонидан баллистик ракета учирилиши эҳтимолига жавобан қуруқликдаги комплекслар ва ракетага қарши ҳимоя тизимига эга кемаларни жанговар ҳолатга келтирди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Гэн Накатани маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Вазирнинг билдиришича, охирги русумдаги Patriot ПАК-3 ракетага қарши ҳимоя комплекслари Токиодаги вазирлик биноси ҳовлисида, Асака ва Нарасино ҳарбий базаларида жойлаштирилган. Бошқа қурилмаларнинг жойлаштирилган манзиллари ошкор этилмади.
«Шимолий Корея халқаро идораларга ракетасининг учирилиш муддати, унинг қисмлари тушиши мумкин бўлган манзиллар ҳақида хабар бермади. Ҳатто ракета ўзи учириладими-йўқми, бу ҳам маълум эмас. Бундай шароитда амалга оширадиган ҳаракатларимиз, жумладан, ракеталарни тутиш тизими билан жиҳозланган кемалар жойлаштирилиши бўйича маълумотлар берилиши мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайман» , — дея таъкидлади Гэн Накатани.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония расмийлари КХДР баллистик ракетаси учирилган тақдирда уни уриб туширишга буйруқ бергани ҳақида хабар берилганди.