Ўтган ойда ядро келишуви доирасида халқаро санкциялар олиб ташлангандан сўнг Эрон илгари музлатиб қўйилган 100 миллиард долларлик активлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда Эрон ҳукумати матбуот котиби Муҳаммад Бакир Нобахт маълум қилди, деб хабар беради «Корреспондент.net».
Сўнгги бир неча йил ичида Эрон нефти сотувидан тушган пулнинг катта қисми Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Туркия банкларига келиб тушганди. Бу мамлакатлар 2012 йилда киритилган ғарбнинг санкциялари туфайли маблағлардан фойдаланиш имкониятини вақтинча чеклаб қўйганди.
Бундан ташқари, 1 февраль, душанба куни тонгдан бошлаб Эроннинг тўққизта банки SWIFT халқаро тўлов тизимига қайтадан уланди.
Эслатиб ўтамиз, санкциялар бекор қилингандан сўнг, Эрон январь ойи давомида Европа ва Осиёдаги харидорларга олтита супертанкер нефтни сотишга улгурди.