АҚШ Грузиянинг чегара полицияси учун 10 миллион доллар ёрдам пули ажратади. Бу ҳақда Грузия ИИВга таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Тегишли келишув 1 февраль, душанба куни Тбилисида Грузия чегара полицияси ва АҚШнинг ҳарбий таҳдидларни камайтириш агентлиги (DTRA) томонидан имзоланди.
ИИВ хабарига кўра, келишувнинг биринчи босқичида «Касумло» ва «Кеда» чегара секторларида инфратузилма қурилиши бошланади, бундан ташқари, Грузия—Арманистон чегараси кузатиш ва мониторинг учун техник воситалар билан таъминланади.
Вазирликнинг қайд этишича, келишув доирасида чегара секторларини миноралар, тунги кузатув камералари, махсус техника ва автотранспорт воситалари билан таъминлаш режалаштирилган.