Google эгалик қилувчи Alphabet холдинги бозор капитализацияси бўйича Apple’ни ортда қолдириб, дунёдаги энг қиммат компанияга айланди, дея хабар бермоқда «ТАСС» Alphabet’нинг 2015 йил тўртинчи чораги бўйича ҳисоботига таяниб.
Ҳисобот даврида Alphabet’нинг соф даромади 4,92 миллиард долларни ташкил этди, ўтган йилнинг шу даврида эса кўрсаткич 4,67 миллиард долларга тенг бўлган. Шу тариқа холдинг капитализацияси 568 миллиард долларга етди, Apple’ники эса 535 миллиард долларни ташкил этади.
Ҳисобот эълон қилингач, Alphabet акциялари 8 фоизга ўсди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил августида Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин янги Alphabet холдинг компанияси яратилгани ҳақида эълон қилган эди. Қидирув тизими унга таркибий қисмлардан бири сифатидагина кирди. Пейж айтишича, бу Google активларини бошқариш тузилмасини тушунарлироқ қилади.