БМТ Тараққиёт дастури ва Савдо-саноат палатасининг «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» лойиҳаси пойтахт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш дастурини йўлга қўйди. Бу ҳақда «Infocom.uz» хабар беради.
Стартап ташаббусларни яқиндан қўллаб-қувватлаш дастури талабалар ва ёш олимлар учун ўз стартапларини амалга ошириш ва тадбиркорлик соҳасида ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятлар яратади.
Тажрибавий лойиҳа тариқасида бошланган дастур Тошкентнинг 15 дан ортиқ олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ёш олимлар ва талабаларни инновацион тадбиркорликни ривожлантиришда фаол иштирок этишга жалб қилади.
Лойиҳа иштирокчиларга стартап ғояларни амалга ошириш кўникмаларини эгаллаш, якка тартибда бизнес-мураббийнинг маслаҳатларини олиш, лойиҳа доирасида кўзланган маҳсулот ёки хизматнинг минимал ишчи моделини ишлаб чиқиш ва синаш ҳамда истиқболдаги инвесторларга ўз лойиҳаларини тақдим қилиш имкониятини яратадиган бепул уч ойлик изчил дастур ҳисобланади.
Изоҳ (0)