Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бир қатор интернет-нашрларда пайдо бўлган мамлакатда ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар, хусусан, Telegram, Facebook ва «Одноклассники»нинг техник ҳамда бошқа имкониятларини чеклаш масаласи кўриб чиқилаётганлиги ҳақида маълумотларни инкор этди.
Ҳаракат сайтида чоп этилган хабарда мамлакатдаги муассаса ва ташкилотлар, хусусан, «Камолот» томонидан интернет тармоғида миллий сегментни янада бойитиш, ривожлантириш ҳамда фойдали ресурсларни кўпайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани билдирилган. «MIT.uz» миллий интернет танлови, талабалар интернет ҳаракати, «Intellect2all» ахборот технологиялари танлови шулар жумласидандир.
«Камолот» бугунги кунда Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга. Шунингдек, ҳаракат томонидан анъанавий ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг фаол ёш журналисти» республика танловида «Йилнинг энг яхши блогери» номинацияси бўйича энг фаол блогерлар рағбатлантириб борилади.
Яқин кунларда «Камолот» ижтимоий тармоқларда янги лойиҳаларни бошлаши маълум қилинган, бироқ унинг тафсилотлари ошкор этилмаган.
Изоҳ (0)