Сўнгги вақтларда актёр ва режиссёр Алишер Узоқовнинг вафот этгани ҳақида тарқалган миш-мишлар қўшни мамлакатлардаги ўзбекистонликларнинг ҳам қулоғига бориб етди, деб ёзади «Qalampir.uz». Миш-мишларга ойдинлик киритиш учун нашр актёр Алишер Узоқов билан боғланди.
«Шукур тирикман! Мухлислар Алишер Узоқов саратон касалига чалинган деган гапларга ҳам ё вафот этибди деган миш-мишларга ҳам ишонмасин. Соғлиғимдан ҳеч қандай шикоятим йўқ. Одамларни биласиз-ку, кўрмасдан, билмасдан туриб янги гапларни ўйлаб топади. Шу кунларда янги фильм устида иш бошлаганман. Айни вақтда ўз уйимда сценарий ёзиб ўтирибман», — деди Алишер Узоқов.
Нашрнинг қайд этишича, актёр ҳақидаги турли миш-мишларнинг тарқалишига унинг икки йилдан буён ТВ орқали кўринмай қолгани сабаб бўлган. Узоқов сўнги бор 2015 йилда томошабинлар эътиборига ҳавола этилган режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Ҳаётда» номли фильмида суратга тушган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг октябрь ойида ҳам Алишер Узоқовнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалган.
Изоҳ (0)