Қашқадарёнинг Китоб туманида маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
I типдаги Марказни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 585 миллион сўм сарфланди. 400 ўринли томоша залига эга ва 20 хонадан иборат мазкур маданият ва аҳоли дам олиш марказида 13 дан ортиқ рубоб, доира, дутор, тикувчилик, гимнастика, кураш, шахмат-шашка, карате каби тўгараклари билан олти мингдан ортиқ ёшларга хизмат қилади.
Маданият ва аҳоли дам олиш марказининг тантанали очилиш маросимини Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов табрик сўзи билан бошлаб берди.
Тадбирнинг бадиий қисмида «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигора, хонандалар Жасур Умиров, Сардор Мамадалиев ҳамда вилоятнинг таниқли санъаткорлари — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Ҳалилова, «Шуҳрат» медали соҳиби Умриузоқ Қувватов, хонанда Ихтиёр Жуманов, М.Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театри актёрлари, «Насаф гўзаллари» рақс дастаси, «Ёшлар клуби» аъзолари, Қарши тумани «Зарб» болалар доирачилар гуруҳи, Яккабоғ тумани марказий маданият ва аҳоли дам олиш маркази «Анъанавий хонандалик» тўгараги иштирокчилари Хасан ва Икром Жабборовлар, Китоб тумани маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Китоб гуллари» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Ризвонгул» фолклор этнографик жамоаси, «Туморча» болалар фолклор жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.
Изоҳ (0)