Samsung компанияси CES 2016 истеъмолчилар электроникаси кўргазмасида қатор қурилмалар билан бирга, «ақлли» кийим-кечакларни ҳам тақдим этди, деб ёзади «Hi-tech.mail.ru». Ишлаб чиқарувчи, шунингдек, қуёш батареялари ўрнатилган клатч (қўлда олиб юриладиган сумкача)ни намойиш қилди — унинг ёрдамида смартфон, планшет ва бошқа гаджетларни қувватлантириш мумкин.
«Ақлли» кийим-кечаклар The Human Fit бренди остида чиқарилади. Улар эркакларнинг NFC-датчикларига эга иш костюмлари, шунингдек, гольф ва фитнес учун кийимларни ўз ичига олади.
Ушбу датчиклар потенциал мижозлар ёки шериклар билан тез ахборот алмашиш имконини беради. Спорт кийимлари эса жисмоний фаоллик кўрсаткичларини кузатиб борувчи сенсорлар, шунингдек, GPS-модуллар билан жиҳозланган.
Яна бир янгилик — Welt «ақлли» камаридаги датчиклар белни ўлчайди, организм ишининг кўрсаткичларини кузатиб, парҳез ва жисмоний фаоллик бўйича маслаҳатлар беради.
Аёллар сумкаси олти бурчакли қуёш батареяларига эга бўлиб, унга Samsung’нинг энг катта планшети ҳам сиғади. Энергия ички аккумуляторга тўпланади. Клатч ичкарисида microUSB қувват коннектори мавжуд.
Изоҳ (0)