Қуролланган шахслар Ироқ пойтахти Бағдоддаги Jawhara савдо марказига ҳужум уюштирди. Маҳаллий расмийларга таяниб, AP’нинг хабар қилишича, ҳужум қилганлар бинога кираверишда автомобилга қўйилган бомбани портлатиб, ичкарига бостириб кирган. Улар 10 кишини ўлдириб, 25 кишини яралаган, деб хабар қилади «РБК».
Ҳодиса жойига етиб келган куч тузилмалари ходимлари атрофни ўраб олиб, жангарилар билан отишмага киришди.
Ироқ хавфсизлик хизматидаги манбанинг хабар қилишича, ҳужум қилганлар сони 20 га яқин, уларнинг аксарияти савдо марказининг томига чиқиб олган ва улар худкуш камарини тақиб олган бўлиши мумкин. Манбанинг қайд этишича, гаровга олинганларнинг кўпчилиги аёллардир.
Ироқ ИИВдаги манбанинг сўзларига кўра, камида 16 киши ўлдирилган, улардан бир нафари ёш бола, деб ёзади Bloomberg.
AP агентлигининг соғлиқни сақлаш тизимидаги суҳбатдоши 50—75 га яқин киши гаровга олинганини, уч нафар полициячи ҳалок бўлганини маълум қилди.
Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз бўйнига олмади. Аммо агентликнинг қайд этишича, Ироқда кўпинча ИШИД ҳужумлар уюштириб туради.
Ироқнинг Al Sumaria телеканали ҳуқуқ-тартибот органларининг саъй-ҳаракати билан барча гаровга олинганлар озод қилинганини хабар қилмоқда.
Бағдоддаги ҳарбий операциялар қўмондони, генерал-лейтенант Абдул Амир ал-Шаммари савдо марказида ҳеч ким гаровга олинмаганини телеканалга маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, худкушлар бино яқинида бомба портлатиб, уни ичкарисига киришга уринган, бироқ қўриқчилар бунга халақит қилган. Ҳужум қилганлардан бири қуролланган бўлган ва ўт очишни бошлаган, лекин у ўлдирилган.
Изоҳ (0)