Ватиканнинг Osservatore Romano газетаси Charlie Hebdo журналининг 6 январь, чоршанба куни сотувга чиққан махсус сонини танқид қилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар беради.
Журналнинг ушбу сони Париждаги редакцияга террорчилар томонидан ҳужум уюштирилганлигига бир йил тўлганига бағишланган. Ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлган эди. Журнал муқовасида қонга беланган худо Калашников автомати билан тасвирланган. Сурат остига «Бир йил ўтиб: қотил ҳамон қочиб юрибди», деган сўзлар ёзилган.
Osservatore Romano’нинг фикрига кўра, француз журнали қайси динга мансублигидан қатъий назар барча диндорларни ранжитган.
«Папа Франциск бир неча марта айтиб ўтганидек, нафратни оқлаш учун худонинг номидан фойдаланиш ҳақиқий куфрдир», — дейилади газетада.
Изоҳ (0)