Бу йил Уильям Шекспир ҳаётдан кўз юмганлигининг 400 йиллиги муносабати билан «Шекспир барҳаёт» кампанияси старт олди. Бу ҳақда Британиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар беради.
Шекспирнинг мероси ўхшаши йўқ ҳисобланади. Унинг ишлари 100 дан ортиқ тилга таржима қилинган бўлиб, дунё мамлакатларининг ярмидан кўпида мактаб ўқувчилари томонидан ўрганилади. Унинг замондошларидан бири Бен Жонсон шундай деган эди: «Шекспир бир даврга тегишли эмас, у барча замонларга мансубдир».
Шекспир замонавий инглиз тилининг шаклланишида асосий рол ўйнаган. Уч мингта янги сўз ва ибора Шекспир песаларида босма шаклда акс этган.
Буюк Британия 5 январь кунидан бошлаб бутун 2016 йил давомида Уильям Шекспир ҳаёти ва меросини нишонлашга қўшилишни таклиф этади. «Шекспир барҳаёт» дастури – унинг ижоди билим олиш ва саводни оширишга имкон беришини таъкидлашга йўналтирилган бир қатор тадбирларни ўз ичига олади.
Бу кампания Британия кенгаши ва Great Britain компанияси томонидан олиб борилади. Бу дастур доирасида ижтимоий тармоқларда Шекспир ижодидан севимли иборалар билан бўлишишингиз, театр саҳналарида аввал саҳналаштирилмаган песаларни томоша қилишингиз, шунингдек, кўргазмалар, семинар ва дебатларда иштирок этишингиз мумкин.
Изоҳ (0)