Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ноябрь ойида қўлга олинган жиноий тўда давлат идорасини забт этиб, президент Серж Саргсян самолётига ҳужум уюштиришни режалаштирган. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар беради.
Гуруҳ яна бешта кичик гуруҳларга эга бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида президент қароргоҳи, ҳукумат, парламент, Конституциявий суд ва телеминорани қўлга олиши лозим бўлган. Асосий операция Францияга ташриф буюришни режалаштираётган Арманистон президентининг самолётини портлатишдан иборат бўлган.
Арманистоннинг «Грапарак» газетаси манбасининг маълум қилишича, операция яхши режалаштирилган бўлган, бироқ гуруҳ раҳбари Артур Варданян хатога йўл қўйган. У учрашиши лозим бўлмаган одам билан учрашган, натижада махсус хизматлар эътиборига тушган.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат бош вазирининг собиқ ўринбосари (мудофаа вазири ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаган) Ваган Ширханянни ушбу жиноий тўда фаолиятида иштирок этганликда гумон қилиб, ҳибсга олган эди.
Изоҳ (0)