БМТ болалар фондининг ҳисоботига кўра, дунё бўйича туғилаётган гўдакларнинг ҳар саккизинчиси ҳарбий тўқнашувлар содир бўлаётган ҳудудда дунёга келмоқда. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар қилмоқда.
Ҳисоботда маълум қилинишича, 2015 йилда можаролар юз бераётган ҳудудларда 16,6 миллионга яқин бола туғилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 200 мингга ошган. ЮНИСЕФ мутахассисларининг фикрича, кейинги йилда ушбу ҳудудларда 16,7 миллион нафар гўдакнинг дунёга келиши кутилмоқда.
«Ҳарбий тўқнашувлар содир бўлаётган Афғонистон, Марказий Африка Республикаси, Ироқ, Жанубий Судан, Сурия ва Яман каби давлатларда гўдаклар ва уларнинг оналари жанг майдонини тарк этиш давомида жиддий хатарларга дуч келмоқда. Оналарнинг тиббий ёрдамсиз, санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитларда кўзи ёримоқда. Уларнинг фарзандлари беш ёшгача бўлган муддат ичида вафот этиши эҳтимолдан холи эмас», ― дейилади ЮНИСЕФ ҳисоботида.
Изоҳ (0)