Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Медиа-Кавказ» танловидаги «Шимолий Кавказдаги йил одами» рукнининг махсус совринига эга бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар қилмоқда.
Тақдирлаш маросими Пятигорск шаҳрида, Шимолий Кавказ ОАВнинг Учинчи форуми ёпилишида бўлиб ўтди.
Қодировнинг ўзи маросимда иштирок этолмади. Унинг мукофотини Миллий сиёсат, матбуот, ташқи алоқалар ва ахборот ишлари бўйисҳа Чеченистон Республикаси вазир ўринбосари Лёма Гудаев олди.
Бундан ташқари, 10 декабрь, пайшанба куни бўлиб ўтган «Прометей-2015» Умумроссия интернет-мукофотининг тақдимотида Қодировга «Йил шахси» махсус рукнининг мукофоти берилган эди.
«Прометей» интернет-мукофоти 2011 йилдан бошлаб технологик, иқтисодий, маданий, ижтимоий, таълим ёки соғлиқни сақлаш соҳасида одамлар ҳаётига қўшган ҳиссаси учун сайтларга, мобил иловаларга, интернет-лойиҳаларга ва Шимолий Кавказ Федерал округининг ОАВга берилади.
Бу йил мукофот Умумроссия мақомига эга бўлди. Москва, Санкт-Петербург, Челябинск вилояти ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан Шимолий Кавказга келган меҳмонлар мукофот лауреати бўлди.