Франция жануби-ғарбида жойлашган Арос шаҳридаги 1,5 минг ўрдак боқилаётган фермада H5N9 штамми вируси (парранда гриппи) қайд этилди. Мамлакат қишлоқ хўжалик вазирлиги маълумотларига кўра, бу Франция жануби-ғарбидаги беш вилоятда хасталикнинг ўн учинчи бор тарқалиши. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Расмийлар вирус инсонга парранда гўшти, тухум, фуа-гра ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқмаслигини таъкидлаётган бўлса-да, хасталик илк бор қайд этилган ноябрь охиридан бери Осиё ва Шимолий Африкадаги саккиз давлат француз паррандалари ва паррандачилик маҳсулотлари келтирилишини тақиқлаб қўйди. Улар орасида Франция фуа-гра экспорт қиладиган мамлакатлар орасида биринчи ўринда турадиган Япония ҳам бор.