Москвада 88 ёшли Эльдар Рязанов бир ҳафта муқаддам жойлаштирилган касалхонада оламдан ўтди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Режиссёрнинг ўлими ҳақидаги хабарни у билан бирга ишлаган Ирена Лесневская ўз Facebook’даги саҳифасида қолдирган.
Рязановнинг вафоти ҳақидаги маълумотни унинг оила аъзолари ҳам тасдиқлаган. «Интерфакс» агентлиги режиссёр оиласининг дўсти берган маълумотга асосланиб хабар беришича, Рязанов юрак етишмовчилиги хасталигидан вафот этган.
Жорий йилнинг сентябрь—октябрь ойларида у режали равишда даволанган ва касалхонадан чиқарилган эди. Аммо бир ҳафта олдин уни яна касалхонага ётқизишга мажбур бўлишди. Режиссёрнинг саломатлигини оғир деб баҳолашган эди ўшанда. Унга сунъий нафас берувчи аппарат улаб қўйишган эди, аммо бу ҳам Эльдар Рязановнинг яшаб қолишига ёрдам бермади.
Эльдар Рязанов «Автомобилдан сақланинг», «Қароқчи чоллар», «Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг», «Ишдаги ишқ» каби машҳур фильмларга режиссёрлик қилган.
Изоҳ (0)