Чили соҳилларида кетма-кет иккинчи марта магнитудаси 6,9 га тенг бўлган кучли зилзила юз берди. Бу ҳақда, АҚШ Геология хизмати маълумотларига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Зилзила маҳаллий вақт билан 10 ноябрь, сешанба куни соат 23:46 да (Тошкент вақти билан 11 ноябрь, чоршанба куни соат 7:46 да) юз берган. Ерости силкинишлари эпицентри Кокимбо шаҳридаги 98 километр шимоли-ғарбда, мамлакат пойтахти Сантягодан эса 467 километр узоқликда, ўчоғи эса 10 километр чуқурликда бўлган.
Бундан тахминан бир соат аввал — маҳаллий вақт билан 10 ноябрь, соат 22:54 да ҳам 6,9 магнитудали зилзила юз берганди. Унинг маркази Кокимбодан 93 километр, пойтахт Сантягодан 466 километр узоқликда, ўчоғи эса, иккинчи зилзила каби, 10 километр чуқурликда эди.
Зилзила оқибатида юз берган эҳтимолий вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида ҳозирча ахборот мавжуд эмас. Цунами хавфи эълон қилингани йўқ.
Чили сейсмик жиҳатдан юқори даражада фаол ҳудудда жойлашган. 2010 йил февраль ойи охирида Жанубий Америкадаги мазкур мамлакатда юз берган 8,8 магнитудали зилзила ва ундан сўнг кўтарилган цунами оқибатида 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди.