Мисрда қулаган Airbus 321 лайнери қурбонлари хотирасига 1 ноябрь, якшанба Россияда умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди. Meduza хабарига кўра, тегишли фармон Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган.
Мотам кунида бутун Россия бўйлаб давлат байроғи тушириб қўйилади.
Россия президенти фармонида маданият муассасалари ва телерадиокомпанияларга кўнгилочар тадбирларни бекор қилиш тавсия этилган. Ҳукуматга эса ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш ҳақида кўрсатма берилган.
Metrojet («Когалимавиа») авиакомпаниясининг Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга учаётган Airbus 321 самолёти 31 октябрь, шанба куни ҳавога кўтарилганидан 23 дақиқа ўтиб қулади. Лайнер бортида 224 киши бўлган. Ҳодиса жойида, дастлабки маълумотларга кўра, 100 га яқин қурбоннинг жасади топилган.
Airbus 321’нинг бўлаклари Синай яримороли шимолидан топилди. Миср маъмуриятининг тахминича, авиаҳалокатга техник носозликлар сабаб бўлган.
Изоҳ (0)