Одессанинг Затока қишлоғида «Иволга» катерининг ҳалокати оқибатида қурбон бўлганлар сони 17 кишига етди. Бу ҳақда маҳаллий полиция маълумотига асосланиб «Интерфакс» хабар беради.
Олдинроқ ҳодиса натижасида 14 кишининг ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Украинанинг Одесса вилояти ИИВ Бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Андрей Костюкнинг маълум қилишича, 21 октябрь тонгида Затокадан топилган эркак кишининг жасади ҳам ушбу катер йўловчиларига тегишлидир.
Костюк қурбонлар сонининг яна ортиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, ҳозирда сув юзасига чиқарилган катерни кўздан кечириш ишлари амалга оширилмоқда. Унда яна ҳалок бўлганлар бўлиши мумкин. Катер капитани Александр Книшев қўлга олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь, шанба куни Одесса вилояти Белгород-Днестр туманидаги Затока шаҳарчаси яқинида йўловчи катери ағдарилиб, чўкиб кетганди.
Изоҳ (0)