Руминиянинг собиқ президенти Ион Илиеску 1990 йилнинг июнида Бухарестда юз берган кончилар тартибсизлиги бўйича тергов доирасида инсониятга қарши жиноятларни содир этишда айбланмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
«Илиеску унга қарши жиноий иш қўзғатилганлигидан хабардор қилинди», — дейилади прокуратура хабарида.
Фожиавий воқеалар 1990 йилнинг апрелида бошланган эди. Мамлакатда бўлиб ўтаётган намойишлар сайловларда Илиеску бошчилигидаги Миллий қутқарув фронти ғалаба қозонгандан кейин ҳам давом этди. Деярли уч ой давомида ҳукуматга собиқ коммунистларнинг келишидан норози бўлган намойишчилар кечаю-кундуз пойтахт марказида норозилик намойиши ўтказди.
13 июнда полиция намойишчиларни майдондан қувиб чиқаришга уринди. Юзага келган тўқнашувда намойишчилар ИИВ, давлат хавфсизлиги, телевидение ва бошқа давлат биноларига ҳужум қилди. Шунда Илиеску ҳукуматга ёрдам учун ўн минглаб кончиларни чақирди. Тўқнашув натижасида олти киши ҳалок бўлган, 542 нафари тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, мингга яқини қўлга олинган.
2005 йилда кончилар тартибсизлиги чоғидаги одамларнинг ҳалок бўлганлиги юзасидан Илиескуга қарши айблов эълон қилинган эди. Бироқ иш натижасиз якунланганди.
Изоҳ (0)