УЕФА президенти Мишель Платини ФИФА раҳбари Йозеф Блаттердан ҳеч қандай расмий ҳужжатларга имзо чекмай, икки миллион Швейцария франки (2 миллион доллар) олганлигига иқрор бўлди. Бу ҳақда Франциянинг Le Monde нашрига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Олдинроқ Блаттер Швейцария прокурорлари қизиқиб қолган мазкур тўловларга изоҳ берар экан, пулларнинг берилишини «жентельменлик келишуви» деб атаган. Платинининг айтишича, 1998 йили, ФИФА президентлигига навбатдаги сайловлар арафасида Блаттер унга маслаҳатчи бўлишни таклиф қилган. Платини бунга розилик берган ва 1 миллион маош талаб қилган.
«У пайтда евро йўқ эди, Блаттер бу 1 миллион Швейцария франки бўлишини айтди», дея маълум қилди Платини. У Блаттернинг аксарият чет эл сафарларида ҳамроҳлик қилгани ва «бу чиндан ҳам иш бўлганини кўпчилик тасдиқлаши мумкинлиги»ни айтган.
Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни халқаро футбол федерацияси ахлоқ қўмитаси Блаттер, Платини ва ФИФА бош котиби Жером Валкени лавозимлари ҳамда футболга оид барча фаолиятдан 90 кун муддатга четлатди.
Изоҳ (0)