Германия канцлери Ангела Меркель Евроиттифоққа келаётган муҳожирлар оқими ҳаддан зиёд кўпайганлиги муносабати билан мамлакатда солиқлар оширилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у Bild нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган, дея хабар беради «Коммерсант.ru».
«Муҳожирлар билан боғлиқ вазият туфайли Германияда солиқлар оширилмаслигини ваъда қиласизми?» деган саволга Меркель «Ҳа, бундай бўлмайди. Кўп йиллар давомида иқтисодимиз яхши бошқариб келинган, айни пайтдаги иқтисодий ҳолатдан ҳам кўнглимиз тўқ», деб жавоб берган.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи қочоқ дея тан олинмаган Африка ва Яқин Шарқдан келган муҳожирларни ватанларига қайтариш учун бу ҳудуддаги мамлакатларга босим ўтказиш йўлларини қидирмоқда. The Times маълумотларига кўра, яқин ҳафталарда ЕИ расмийлари бошпана бериш рад этилган 400 минг нафар муҳожирни қайтариб юборишни режалаштирмоқда. Агар уларни қабул қилишда муаммолар туғилса, ЕИ ушбу мамлакатларга иқтисодий ёрдам беришдан бош тортиши ҳамда савдо ва виза келишувларини бекор қилиши мумкинлиги билан пўписа қилмоқда.
Изоҳ (0)