Хитой Давлат кенгаши аъзоси Ян Цзечи келаси ҳафта расмий ташриф билан Японияда бўлади. «ТАСС» хабарига кўра, у октябрь ойида Жанубий Корея иштирокида уч томонлама саммитни ташкил этиш масаласини муҳокама қилади.
Кёдо агентлиги маълумотларига кўра, Ян Цзечи ташриф доирасида Япония Миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби Сётаро Яти билан учрашади — Яти бош вазир Синдзо Абэнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича энг яқин маслаҳатчиси ҳисобланади.
Сентябрь ойи охирида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида учрашган Синдзо Абэ ва Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе Хитой иштирокидаги уч томонлама учрашув ташкил этилишини «сабрсизлик билан кутаётганини» алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
Маълумот учун, 2015 йил мартида Япония, Хитой ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлари сўнгги уч йилда илк бор ўзаро учрашиб, қисқа муддатда уч томонлама саммитни ўтказишга тайёргарлик кўриш учун барча кучни сафарбар этишга келишиб олганди.
Жанубий Корея, Япония ва Хитой етакчиларининг уч томонлама сўнгги учрашуви 2012 йил майида Пекинда бўлиб ўтганди. Шундан бери Токионинг Осиё—Тинч океани минтақасидаги яқин икки қўшниси билан алоқалари ҳудудий баҳслар ва Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тарихнинг турлича талқин этилиши ортидан сезиларли совуқлашди.
Хусусан, Япония бош вазири ва ҳукумати аъзоларининг Токиодаги Ясукуни ибодатхонасини зиёрат қилиши Сеул ва Пекиннинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлмоқда — мазкур ибодатхона Осиё мамлакатлари учун япон мустамлакачилиги тимсоли ҳисобланади.
Изоҳ (0)