2015 йилнинг 6 октябрь куни Вильнюс шаҳрида Ўзбекистон ва Литва ташқи ишлар вазирликлари делегациялари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Литва делегациясига вазир ўринбосари Андрюс Кривас бошчилик қилди.
Мулоқот давомида икки томон кун тартибидан ўрин олган қатор масалалар, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистон—Литва алоқаларини кенгайтириш, уларга кўп қиррали тус бериш ҳамда ҳамкорликнинг қўшма механизмлари фаолиятини фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Икки мамлакат давлат ва жамоат ташкилотлари, етакчи иқтисодий институтлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлашга ўзаро қизиқиш билдирилди.
Учрашувда 2015 йилнинг 5—6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форуми тўғрисида Литва томонига маълумот берилди.
Шунингдек, ўзаро алоқаларни Ўзбекистон—Европа иттифоқи шаклида ҳамда БМТ ва бошқа ташкилотлар доираларида янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)