АҚШ мактабларидан бирининг бешинчи синф ўқувчиси ит боласи устидан талашиб, отасининг қуроли билан саккиз яшар қўшни қизчани отиб ташлади. Бу ҳақда WBIR телеканали маълумотига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Уайт Пайн округи аҳолиси ўқ овозини эшитган ҳамда полиция чақирган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари воқеа жойига етиб келганида, кўкрак қисмидан ўқ еб, ерда ётган қизчани топган. Уни касалхонага олиб боришди, бироқ қизчанинг жонини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.
Полиция шерифи Бад МакКуагнинг маълум қилишича, 11 яшар бола қизчани 12 калибрли қуролдан отиб ўлдирган. У воқеа тафсилотларига батафсил тўхталмади. Қўшниларнинг хабар беришича, болалар кучук боласи устидан талашиб қолган.
Бола вояга етмаганлар иши судининг биринчи босқичида қотилликда айбланди ва ҳибсга олинди. Айни дамда унинг бирор-бир руҳий касаллиги бор-йўқлиги аниқланмоқда.
Изоҳ (0)