«Автоойна» МЧЖ корхонасида Chevrolet Aveo автомобиль русуми учун хавфсиз ойналар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АК ахборот хизмати маълум қилди.
Шу йил июль ойида янги автомобиль русуми учун мўлжалланган ойна намуналари «GM-Корея» ишлаб чиқариш корхонасида дастлабки синовдан ўтказилди. Бугунги кунда мазкур автомобиль ойналари «GM Uzbekistan» автомобиль заводининг асосий конвейерида синовдан ўтказишга тайёрланмоқда.
Россия Федерацияси давлат стандартлаштириш хизмати томонидан тақдим этилган ушбу автомобиль ойналари хавфсиз материаллардан фойдаланган ҳолда тайёрланганини тасдиқловчи сертификатлар «Автоойна» МЧЖга Chevrolet Aveo русуми учун мўлжалланган автомобиль ойналарини МДҲ давлатларидаги иккиламчи бозорларга экспорт қилиш имкониятини беради.
Янги автомобиль ойналарини 2016 йил бошидан туркум ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси вакиллари General Motors Узбекистан Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасида янги Т250 (Chevrolet Aveo) моделидаги автомобилларни серияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришган эди.
Изоҳ (0)