Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг Ямандаги авиазарбалари натижасида ярим йил ичида олти мингдан зиёд одам ҳалок бўлган. Бу ҳақда The Regionalpost’га таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Нодавлат ташкилот ҳисобланмиш «Яман фуқаролик коалицияси» берган ҳисоботига қараганда, қурбон бўлганларнинг уч минг нафари аёллар ва болаларни ташкил этади. 13,5 минг одам эса яраланган.
Бундан ташқари, ташкилотнинг қайд этишича, Саудия томонидан йўлланаётган авизарбалар Ямандаги тинч аҳоли яшаётган турар-жой биноларига ҳам қаратилмоқда. Бу эса халқаро ҳуқуқ ва конвенцияларга тўғри келмайди.
Ҳисоботда келтирилишича, охирги икки ҳафта ичида авиазарбалар натижасида ҳалок бўлганлар сони ошган.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони бошчилигидаги БАА, Кувайт, Қатар, Баҳрайн, Миср, Иордания ва Судан давлатларидан иборат коалиция 2015 йилнинг мартидан бошлаб, Яман пойтахти Санода ўрнашиб олган исёнчи хусийларнинг маконларига авиазарбалар бермоқда.
Изоҳ (0)