Ҳиндистонлик эркак тириклайин асфальт билан текислаб юборилди. Ҳодиса Мадҳя-Прадеш штатида юз берди, деб хабар беради The Times of India.
45 ёшли Латори Барман хотини билан ярмаркага борди. Унинг рафиқаси ота-онасиникида қолгач, Барман Кхадра қишлоғига қайтишга қарор қилди. Йўл-йўлакай у спиртли ичимликлар дўконига кирди. Шундан сўнг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган, бироқ огоҳлантириш белгилари бўлмаган йўлни кесиб ўтаётиб, маст ҳолдаги Барман катта чуқурга тушиб кетди ва у ерда ухлаб қолди.
Эрталаб таъмирланаётган ҳудудга етиб келган ишчилар уни пайқамасдан, чуқурни эритилган битум билан тўлдириб, сўнгра самосвал ёрдамида йўлни текислаб юборди. Асфальтдан чиқиб турган қўлни кўрган маҳаллий аҳоли тревога кўтарди.
Самосвал ҳайдовчиси ва чуқурларни тўлдириш учун жавобгар ишчи қўлга олинди. Уларга нисбатан ўлимга олиб келган бепарволик бўйича айблов эълон қилинди. Таъмирлаш компанияси раҳбарияти Барманнинг қариндошларига 50 минг рупий (760 доллардан ортиқроқ) товон пули тўлашга ваъда берди.
Изоҳ (0)