31 август куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Мустақиллик байрами муносабати билан меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
«Жар» стадионида ўтган тадбирга Тошкент шаҳридаги 21 ва 23-меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ташриф буюрди.
Дастлаб тадбир бошловчиси Даврон Файзиев футболчилар ва мураббийлар штабини болалар билан таништириб чиқди. Кейин эса меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва терма жамоа футболчилари икки жамоага аралаш ажралиб, 15 дақиқача давом этган футбол ўйинида тўп тепди. Унда болалар ўзларининг севимли футболчилари билан бирга ўйнаш имкониятига эга бўлди.
Футбол учрашувидан кейин меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбирда ЎФФ ва Терма жамоалар маркази раҳбарияти ва ходимлари ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)