Бангкокда давом этаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида яна 3 нафар ўзбекистонлик спортчи ярим финал йўлланмасини қўлга киритди, деб хабар қилади «Stadion.uz».
-56 кг вазнда иштирок этаётган Муроджон Аҳмадалиев чорак финалда вьетнамлик Тран Пу Чуонг билан баҳс олиб борди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ҳакамларнинг барчаси ғалабани ўзбекистонлик боксчига тақдим этди.
-64 кг вазн тоифасида Лондон олимпиадасида чорак финалгача етиб борган Фазлиддин Ғоибназаров ярим финал йўлланмаси учун жангда ҳиндистонлик Манож Кумарни мағлуб этди. Ҳинд боксчиси Фазлиддинга қаршилик кўрсатишга уринди, аммо ўзбекистонлик боксчи тактик жиҳатдан тўғри жанг олиб борди. Натижада у ҳам рингни ғолиб сифатида тарк этди.
Куннинг энг сўнгги жангида -91 кг вазнда Рустам Тўлаганов ҳам ҳинд боксчисига қарши беллашди. Ҳакамларнинг барчаси ўзбек боксчиси Манприт Синх устидан ғалаба қозонганини қайд этди.
Бугун, 1 сентябрь куни бўлиб ўтган кундузги жангларда Ҳасанбой Дўсматов ва Бектемир Мелиқўзиев ҳам кейинги босқичга ўтгани ҳақида хабар бергандик. Шу тариқа, бугун рингга кўтарилган ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси ғолиб чиқиб, ярим финал йўлланмасига эга бўлди. Ўзбекистон терма жамоасининг мазкур 5 нафар аъзоси медалларни қўлга киритади. 2 сентябрь куни яна 4 нафар ўзбек спортчиси ярим финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.
Изоҳ (0)